Nafsni poklash: "Muxtasari minhojil-qosidiyn" sharhi

191 videos • 29,267 views • by MuhsinTV قَدۡ أَفلَحَ مَن زَكَّىٰهَا “Дарҳақиқат, нафсини поклаган киши нажот топди” (Шамс сураси, 9-оят). Ассалому алайкум вараҳматуллоҳ. Азизлар, барчамиз интиқлик билан кутган муборак Рамазон ойи ҳам яқинлашмоқда. Бу ойда гуноҳлардан покланиш ва улкан савобларга эришиш учун ҳаётда бўлган ҳар бир мусулмонга бирдек фурсат берилади. Йилда бир бериладиган ушбу фурсатдан кам одам фойдаланиб, кўпчиликнинг ғафлатда қолиши эса, ачинарли ҳолатдир. Бу ғафлатнинг ва унинг ортидаги надоматнинг сабаби нима? Рамазоннинг фазилатларини билмасликми ёки инсонлар ўзларига фойдали бўлган ишларга эътиборсизликларими? Йўқ, Рамазоннинг фазилатлари ва рўза аҳкомлари борасида даъватлар етарличадир. Одамлар ҳам ўзлари учун фойдали деб билган бошқа ишларини югуриб-елиб бажармоқдалар. Демак муаммонинг ўзаги бошқа. Бу муаммонинг ечимини излаб Қуръонга мурожаат қилган киши, Аллоҳ таолонинг бир сурада 11 марта кетма кет қасам билан таъкидлаб: “Дарҳақиқат, нафсини поклаган киши нажот топди! Ва яна дарҳақиқат у (нафсни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса зиёнкор бўлди” деган оятига дуч келади. Субҳаналлоҳ! Нафс тарбияси энг зарур, барчага бирдек фарз амаллардан эканига бундан ортиқ далил борми? Бу амалнинг аҳамиятини баён қилишнинг бунданда таъкидли услуби бўлиши мумкинми?! Йўқ, кишининг бу амалга маҳкам бел боғлаши зарур эканига бундан ортиқ тарғиб бўлиши мумкин эмас! Зеро, икки буюк муҳаддиснинг саҳиҳайн китобларида келган, Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Огоҳ бўлинг! Танада бир парча гўшт бор, у соғлом бўлса, бутун тана соғлом бўлади. У бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлинг! Ўша нарса қалбдир», деганлари ҳам, юқоридаги оятнинг суннатдаги тасдиғидир. Шубҳасиз, Аллоҳ ва Расулининг сўзи ҳақдир! Қалбда зоҳир бўлган ҳар қандай сифат аъзоларга таъсир қилиши ва аъзолар ҳеч бир иложсиз шу сифатларга кўра ҳаракатланиши очиқ ҳақиқат. Аъзоларда жорий бўладиган ҳар бир ишнинг таъсири эса қалбга етиб бориши маълум ва машҳур. Демак, муаммоларнинг ўзаги, гуноҳларнинг илдизи қалбда экан. Киши бу илдизни қуритишни уддасидан чиқса, бошқа муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиши мумкин. Қалб касалликларини даволаш учун эса, Рамазондан кўра қулайроқ фурсат бўлмаса керак. Шунинг учун, Устоз Юсуф Давроннинг янги, "Нафсни поклаш" номли дарслари силсиласини Рамазон ойида, саҳарлик чоғида сиз билан баҳам кўришни муносиб топдик. Дарсларимиз Рамазоннинг биринчи тонгидан бошлаб ҳар куни, Тошкент вақти билан 4:00 да MuhsinTV каналининг YouTube ва Facebook саҳифаларида эфирга узатилади. Аллоҳ таолодан ушбу дарсларни барчамизга фойдали қилишини, Рамазонда қалбларимизни ислоҳ қилиб, солиҳ амалларга буришини ва У Зотнинг розилигига эришиш учун бизларни ҳозирлайдиган озуқаларни тўплаб олишимизга муваффақ этишини сўраймиз. Албатта, У дуоларни эшитувчи ва ижобат қилувчи Зотдир.